Сайт синов тарзда ишламоқда

Ахборот хизмати

2021

Соҳалар

3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни

Сана: 03.05.2021

203

Инсоният дунёқарашининг кенгайишида оммавий ахборот воситалари, хусусан, матбуотнинг ўрни беқиёсдир. Турли даврларда босма нашрлардан кейин ОАВнинг радио, телевидение каби турлари, айниқса, интернет пайдо бўлгач, инсоният онги ва дунёқараши тубдан ўзгарди. Улардан тўғри фойдаланиш ва ахборотларни таҳлил қилиш эса кишидан мустақил фикр, билим ва тафаккурни талаб этади.

Матбуотнинг илк кўринишлари XV асрнинг ўрталарида Европада юзага келган, қарийб беш аср мобайнида яъни радиоэшиттириш ва телевидение пайдо бўлгунга қадар кишилар ўртасида оммавий мулоқотнинг, билим ва ғоялар тарқатишнинг асосий воситаси саналган. Дастлабки босма нашрлар китоб, рисола ва варақалардан иборат бўлган, XVII асрнинг бошларида газеталар, кейинроқ эса журналлар нашр этила бошланган. Шунингдек, XIX асрнинг ўрталарида ахборот агентликлари вужудга келди ҳамда газета ва журналларнинг пайдо бўлиши билан “журналистика” атамаси ҳам шаклланди, вақтли матбуотнинг ривожланиши билан журналистиканинг мазмун доираси кенгайиб, кўп қиррали журналистик фаолиятни англата бошлади. 

Инсоният тафаккури ривожланиши билан янги билимлар ва турли мазмундаги ахборотларни тарқатиш эҳтиёжи ҳам вужудга келди. Аввал ахборотлар мактуб, варақа, китоб шаклида тарқатила бошланган бўлса, кейинчалик газета, журнал, радио, телевидение, интернет каби тезкор воситалар орқали тарқатилиши йўлга қўйилди. Шу тариқа инсоният бу оммавий ахборот воситалари орқали янгиликларни тезкорлик билан ўзлаштириш имконига эга бўлди. Ана шу жараёнда заҳматкаш касб эгалари –журналистларнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга.

Маълумки, журналистларнинг турли воқелик ва вазиятларда фаолият олиб боришига тўғри келади. Ер қимирлаши, вулқон отилиши, сув тошқини, ёнғинлар, эпидемия ва пандемиялар, ҳарбий ҳаракатлар ва бошқа ҳар қандай қайноқ нуқталарга, энг аввало журналистлар етиб боради. Оғир ва хавфли жараёнларни ўз кўзи билан кўриб тургани ҳолда, гоҳ ҳимоя, гоҳ ҳимоясиз улар ўз касбига оид фаолият билан шуғулланадилар. Дунё воқеалари айнан ушбу касб эгалари ахборотлари орқали бизга етиб келади, биз уларнинг материаллари орқали дунё ишларидан хабардор бўламиз, ижтимоий фикрларимизни шакллантирамиз. Жасорат намуналарини кўрсатиб келаётган журналистларни бутун дунёда эътироф этиш мақсадида халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда уларга тегишли нормалар, касб байрамлари белгилаб берилган.

Жаҳон матбуоти эркинлиги куни 1993 йил БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1991 йилда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 26-йиғилишида берилган тавсия асосида жорий қилинган. Ўз навбатида, мазкур тавсия 1991 йил Африка журналистлари томонидан ишлаб чиқилган “Оммавий ахборот воситалари плюрализми ва мустақиллиги ҳақидаги тарихий Виндхук декларацияси”га асосланган эди. Шунга кўра, 1993 йилдан буён ҳар йили  3 май куни дунё бўйлаб Халқаро матбуот эркинлиги куни сифатида нишонланади. Ҳар йили ушбу кун муносабати билан БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар дунё давлатларидаги матбуот эркинлиги ҳисоботини эълон қилади.

Бу сананинг нишонланишидан асосий мақсад – ахборот эркинлиги тамойилларини илгари суриш, дунёнинг барча минтақаларида ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги ҳолатига баҳо бериш, журналистлар эркинлиги ва мустақиллигига қилинаётган тажовузларнинг олдини олиш, касбий бурчини бажараётганда ҳалок бўлган журналистларни ёдга олиш, уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Ҳар йили юртимиз журналистика соҳасидаги энг нуфузли мукофот – “Олтин қалам” халқаро миллий мукофоти тақдимот маросими айнан  3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги кунида ўтказилиши ҳам ўзига хос рамзий маънога эга. Кейинги йилларида, мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Соҳанинг ҳуқуқий асослари давр тақозоси билан мунтазам такомиллаштириб борилмоқда.

Соҳада амалга оширилаётган барча ижобий ишлар билан бирга, журналистларнинг шахсий дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг касбий фаолиятини эркин амалга ошириш кафолатларини кучайтириш, жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, холис ва ҳаққоний ахборотларни тезкорлик билан жамоатчиликка етказиш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, давлат органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш, давлат ҳокимияти органлари, мансабдор шахсларнинг оммавий ахборот воситалари орқали ҳисобдорлигини таъминлаш  билан боғлиқ қонунчилик асосларини янада ривожлантириш долзарб вазифалардан бўлиб қолаверади.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг, матбуотнинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Соҳанинг ҳуқуқий, қонунчилик базаси мукаммал шаклланди. Шунингдек, Ўзбекистон мустақил босма, ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ташкил этилди. Бундан ташқари, Миллий матбуот маркази, Республика маънавият тарғибот маркази сингари хизматлар ҳам шаклланди.

Бир сўз билан айтганда, айни кунда ОАВ аҳолига тезкор ахборот етказиш, уларнинг тафаккур доираси, дунёқараши ва маънавиятини юксалтиришдаги аҳамияти ниҳоятда катта эканлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Айниқса, бугунги ахборот асрида матбуотга бўлган талаб ва эҳтиёж тобора ортиб бораётганлигини очиқ эътироф этиш жоиз.