Сайт синов тарзда ишламоқда

Ахборот хизмати

2021

Соҳалар

Иккиёзувлик тизими ислоҳ қилинмоқда

Сана: 08.07.2021

257

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида Вазирлар Маҳкамасига уч ой муддатда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтишни таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳини ташкил қилиш ва аниқ чора-тадбирлар ҳамда уларни молиялаштириш манбалари ва ҳажмларини назарда тутувчи «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган эди.

Қарор ижросини таъминлаш ҳамда сўнгги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилини давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, ривожлантириш, бойитиш, қолаверса, давлат тилининг мавқеини кўтариш борасида амалга оширилаётган ишларнинг узвий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йил 10 февраль куни «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Бироз тарихга назар солсак, Ўзбекистонда 1995 йил 21 декабрда ўзбек тилини давлат ва жамият ҳаётига изчил жорий этиш жараёнини тезлаштириш ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтилишини таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида»ги қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган эди. Сир эмас, айнан 1995 йил ўзбек тилининг асосий имло қоидалари яратилиб, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига босқичма-босқич татбиқ этила бошланди.

Тан олиб айтиш лозимки, ўтган 26 йиллик давр оралиғида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида таълим муассасаларида ўқишни бошлаган ёш авлод бугунга келиб давлат ташкилотлари ва бошқарув идораларида фаол меҳнат қилиб, ўзларини соҳа ва йўналишлар бўйича ҳар томонлама намоён этиб келмоқдалар. Агар Ўзбекистонда 26 йил давомида улғайган авлод бугунга келиб 18 миллионни ёки мамлакат умумий аҳолиси сонининг қарийб 55 фоизини ташкил этишини ҳисобга олсак, ҳозир юртимизда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида мустақил иш юритиш қобилиятига эга бўлган янги авлод улғайиб етилганлигига гувоҳ бўламиз.

Бироқ, аччиқ бўлса ҳам бир ҳақиқатни айтиш лозим, 26 йил давомида мутасадди идоралар томонидан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритиш, барча иш қоғозлари ва ҳаракатдаги ҳужжатларнинг тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлишини таъминлаш юзасидан қатъий талаблар қўйилмади, иш юритишдаги иккиёзувлик, яъни кирилл ва лотин ёзувининг амал қилиб келиши, табиийки, бир қатор ноқулайликлар ва жиддий муаммоларни келтириб чиқарди.

Айнан ҳукуматимиз томонидан 2021 йил 10 февраль куни қабул қилинган қарор билан охирги пайтларда кўпчиликни қийнаб келаётган ва кенг жамоатчилик ўртасида баҳс-мунозараларга мавзу бўлаётган иккиёзувлилик масаласига ойдинлик киритилди. Энди, яқин истиқболда барчамиз битта ёзув ва ягона алифбода ёза бошлаймиз. 
Албатта, барчада ўринли бир савол туғилади. Хўш, ҳукумат қарори билан қандай тизим жорий этилдию, соҳага оид ишлар қайси йўналишларда олиб борилади? 

Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича «йўл харитаси» ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигида республика ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланди.

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича тасдиқланган «йўл харитаси»да 4 та катта йўналишда ишларни ташкил этиш ва амалга ошириш белгиланган бўлиб, йўналишлар бўйича бажариладиган ҳар бир вазифанинг ижро механизмлари, муддатлари, молиялаштириш манбалари ишлаб чиқилди, унинг ижросига масъуллар тайинланди.

Хусусан, «йўл харитаси»нинг биринчи қисми миллий қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, бу йўналишида:

2021 йилнинг май-ноябрь ойилари давомида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлашга қаратилган 3 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш;

2021 йил ноябрь ойига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) жойлаштириш учун тақдим қилинган лойиҳаларнинг давлат тили қоидаларига ҳамда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқлиги, шунингдек, лойиҳалар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида тайёрланганлиги текширилгандан кейин муҳокама чиқариш тартибини жорий этиш;

ўзбек тили алифбоси ва имло қоидалари асосида транслитерацияга мўлжалланган ахборот дастурий таъминот учун ягона талаб ишлаб чиқиш ва жорий этиш борасида тадбирлар амалга оширилади.

«Йўл харитаси»нинг алифбо ва имлони ўқитиш, тарғиб қилишни ташкил этиш соҳасига бағишланган иккинчи қисмида мутасадди вазирлик ва идораларга:

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимларида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси, имло қоидалари ва давлат тилида иш юритишни ўрганиш бўйича ўқув машғулотларини ташкил этиш;

Оммавий ахборот воситалари, Интернет тармоғида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтишнинг моҳиятини кенг аҳоли қатламига тушунтириш мақсадида махсус дастурлар ҳамда тарғибот чиқишларини изчил ташкил этиш каби вазифалар белгилаб берилди.

«Йўл харитаси»нинг учинчи қисми, яъни ўқув-услубий адабиётлар, қўлланмалар ва уларнинг электрон дастурий таъминотларини тайёрлаш ва тарқатиш соҳасини қамраб олган бўлиб, унда 2022 йилнинг декабрига қадар:

таълим муассасалари учун қўлланмалар ва бошқа адабиётларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида босқичма-босқич нашр этиб бориш;

кирилл алифбосида чоп этилган ва кутубхоналарда сақланаётган адабиётларни босқичма-босқич лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги электрон кўринишларини яратиш;

кирилл ёзувидан лотин ёзувига (ёки аксинча) саводли ўгирадиган дастурий таъминотлар ҳамда уларнинг мобиль иловаларини яратишни рағбатлантириш каби ишларни амалга ошириш зарур бўлади.

Ваниҳоят, «йўл харитаси»нинг тўртинчи қисмида янги алифбодаги ёзувда иш юритишга тўлиқ ўтиш йўналишида амалга ошириладиган вазифалар очиқланди, жумладан:

Ўзбекистон фуқароси шахсини тасдиқловчи гувоҳномалар, ID-карталар, фуқаролиги бўлмаган шахс ҳамда чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномаларини такомиллаштирилган лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлишини таъминлаш;

илмий-тадқиқот ишлари, иш қоғозлари, вазирлик ва ташиклотларнинг расмий бланклари, мамлакатимиздаги жой, кўча, атамалар, ташкилотларнинг номлари, реклама ва эълонлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлиши;

ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотларда иш юритиш ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиётини тўлиқ жорий қилиш каби тадбирлар амалга оширилади.

«Йўл харитаси»да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш асносида 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлари лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритишга тўлиқ ўтиши таъминланади. 

Ҳукуматимиз томонидан лотин ёзувига тўлиқ ўтиш учун қўйилган икки йиллик муддат айрим фуқароларимизга узоқдай кўриниши мумкин. Бироқ, бу икки йиллик муддат ҳозирда лотин алифбосида ўқиб-ёзишга қийналаётган шахсларни янги ёзув қоидаларини ўзлаштиришлари учун берилган синов муддати ҳисобланади десак муболаға бўлмайди. Шундай экан, бу шахслар яратилган имкониятдан самарали фойдаланиб қолиш зарур бўлади. Сабаби, вақтнинг шиддат билан ўтаётганлигини ҳисобга олсак, ҳадемай остонага 2023 йил ҳам кириб келади, етарли муддат ичида лотин ёзувига асосланган алифбони ўзлаштира олмаган шахслар учун ана ундан сўнг кеч бўлиши табиий.

Давлатимизнинг бошқа соҳаларида бўлгани каби, бугун Ўзкомназорат тизимида ҳам барчамиз биргаликда ушбу қарор ижросини таъминлашда қўлни қўлга бериб ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз зарур бўлади. Чунки, соҳа мутахассисларининг фикрига кўра, ҳукуматимиз ушбу қарорининг марказида миллатнинг саводи масаласи турибди. Миллат келажаги, равнақи ва тараққиёти учун эса ҳаммамиз бирдек масъул ҳамда жавобгармиз. Ёзувимиз ва ёзув қоидаларимиз ўзгараётган экан, биз Ўзкомназорат ходимлари ҳам миллат зиёлилари билан бир сафда туриб, ушбу ислоҳотлар жараёнида фаол бўлишимиз талаб этилади. Сабаби, инсонлардаги узоқ вақт давомида шаклланган кириллча ёзув кўникмасини ҳозирдан ўзгартиришни бошламасак, ҳукумат қарорида белгиланган 2023 йил 1 январь муддатига улгурмай қолишимиз мумкин.

Энди буёғи ўз қўлимизда, шунча эътибор, шарт-шароит бўла туриб, ундан фойдалана олмасак, иккиёзувлик тизимини ислоҳ қилиб, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтиш масалаларига эътибор қаратмасак, бунинг учун ўзимиз, фақат ва фақат ўзимиз айбдор бўламиз. 

Бир сўз билан айтганда, тил миллатнинг маънавий-руҳий бойлиги, мулки бўлгани учун уни эъзозлаш, софлиги, бойлиги, юксалиши йўлида курашиш ва миллий қадрият даражасига кўтариш барчамизнинг олий бурчимиздир. 

«Ватанпарвар» газетаси материаллари асосида тайёрланди