Сайт синов тарзда ишламоқда

“Чақ” сўзининг пайдо бўлиши

Сана: 17.05.2021

265

Юртимизда  юз минг йил муқаддам   яшаган ноандертал одамнинг тарих музейимиздаги қиёфасига қараб яна ўзимга савол бераман.  Расмана инсонга айланмаган  бу ибтидоий  онг эгасининг  биринчи сўзи нима  эди?  Хаёлимга келган  жавоб шу бўлди:  у тошни тошга уриб чақ этган товушни эшитгану  чақ дея овоз чиқариб, ўзининг биринчи сўзини айтган.  Тошни тошга чаққан, кейинроқ тош билан данак чаққан, ёнғоқ чаққан, боласига ҳам чақ, деб буюрган. 

Бора-бора тошдан ўт чиқариб, уни ҳам чақ деди. Кўкда чақ этиб ёнган олов ҳам  чақ бўлди. Кейинчалик, чақмоқ, чақин, чақмоқтош сўзлари пайдо бўлди. Тош бир-бирига урилганда, учган ери чақа. Тошга қоқилганнинг оёғи бармоғи чақа.  Кўп гапирганнинг  тили чақа. Тош майдалаб чақа деган инсон учун  ҳамма майда нарсалар чақа бўлди. Пул майдалаб: чақа деди. Майда боласини бола-чақа деди.  Энг майдаси чақалоқ бўлди. 

Тараққиёт инсонга ақл-заковат берди. Заковатли инсон тош чақишни қўйиб, гап чақишга ўтди.  Тошдан учқун чиқарган бўлса,  гапдан ўт чиқарди. Гап чақиб ўз қардошининг  уйини куйдирди.  Гап чақувчининг оти ҳам чақдан узоқ кетмади  Уни чақимчи, чақмачақар дедилар.  Чақимчининг ниши илоннинг тишидан оғриқли ва хатарли.  Ари, илону чаённинг наштар уришини ҳам бесабаб чақиш  демаганлар.  Демак, чақимчи билан  газанданинг ҳунари бир. 

... Одам боласининг бир ожизлиги бор. Биров ҳақида ортдан ёмон сўз айтиш гуноҳ эканини билади-ю, ўрганган одатини йўқотолмайди.  Бировни сиртдан қоралаб роҳат қилади.  Суҳбатнинг ширини ғийбат, дейдилар ҳазил қилиб. Лекин бу гапда ҳазилдан  чин кўпроқ.  Ғийбат ҳам чақув, бировни бировга  эмас, бировни ҳаммага чақув демакдир.  Биз бундай ширин суҳбатнинг номини чақчақлашув деймиз.

Башарти  тош чақишдан  сўз мағзини чақишгача бўлган масофани  миллион  йиллар ичида  босиб ўтди. Биз ҳам сизлар билан  чақ сўзининг  аччиққина  мағзини чақдик,  чақ тўғрисида чақчақлашдик. 

Эркин Воҳидов, “Сўз латофати”