Сайт синов тарзда ишламоқда

Энг аввалги сўз

Сана: 07.05.2021

273

Холиқи  оламнинг  Бўл деган сўзидан борлиқ яралган, инсон бунёдга келган. 

Одамзод  тилга кириб, у айтган биринчи сўз нима? Бу саволга жавоб ҳеч бир китобда йўқ. Олимлар инсониятнинг  илк сўзлари товушга  тақлидан пайдо бўлган дейдилар. Дарҳақиқат, қадимги  аждодларимиз тоғдан шовуллаб  тушган сувни шовва, шар-шар тўкилганини шаршара деган. Қушларнинг чурқ-чурқ қилгани чумчуқ, лак-лак қилгани лайлак (аслида лаклак), қағиллагани қарға бўлган. Ғоз, читтак, чуғурчуқ, чағалай, олашақшақ, какку, ғулғул товуқ (курка), жиблажибон... саноқни давом эттириш мумкин. Лекин қуш номлари ичида энг гўзали бул-бул дея ёқимли сайраган булбулдир. 

Инсон бора-бора ўзи ясаган буюмларга  ҳам шу тарзда ном берган. Тўқиллаб урилгани тўқмоқ, туёқ остида тақиллагани тақа, зангиллаган қўнғироқ занг аталган.  Энг муҳим хабарлар элга ноғора чалиб етказилган. Данғиллаган бу садо ҳам сўзга айланди.  Кимнинг номи элга ноғора бўлса, у данғ чиқарди. Тилимиз майинлашиб, боринғ, келинғ ўрнига боринг, келинг дейдиган бўлдик ва данғ ҳам донг  билан алмашди. Биз бугун  шуҳратли одамни донгдор деймиз, донг таратган деймиз. Лекин  эл ичида донг чиқарган уй данғиллама бўлиб аслича қолди.

Эркин Воҳидов, “Сўз латофати”.