Сайт синов тарзда ишламоқда

Кўмирга айланган умр

Сана: 28.04.2021

299

Халқ мақоллари, маталларида бир ҳикмат бўладики,  у ҳикматли сўз деб аталади ва асрлар оша оғиздан оғизга кўчади.

Гап кўп, кўмир оз, деган иборада  мен  чуқур маъно, тагдор фикр кўрмадим. Суҳбат чўзилса, сандалнинг чўғи совуб қолгани учун шундай дейдиларми?  Бу гапда на бадиият, на ҳикмат бор.

Ўйлашимча, бу ибора аслида гап кўп-ку, умр оз  бўлган.

Ку қўшимчасининг кейинги сўзга қўшилиб кетишидан умр  кўмирга айланган. Аслиятни тикласак, дунёнинг дардини айтишга умр етмайди, деган фалсафий хулоса чиқади. 

Бу сингари замонлар оша тилдан тилга ўтиб,  сўзлари, ҳарфлари ўзгариб кетган, асл  маъносини йўқотган мақол ва маталлар кўп.

Халқда Меҳмон отангдан азиз,  Устоз отангдан улуғ деган ҳикмат бор.  Бирор ақлли зот отадан улуғ, отадан азиз инсон бўлмайди, деб айтган чоғи, кейинги вақтда Меҳмон отангдек азиз, Устоз  отангдек  улуғ  дейиш урф бўлди.  Отадан улуғ ва азиз кишининг  йўқлиги ҳақиқат. Айнан шунинг учун ҳам бу ташбеҳ  ишлатилади. Мақол –халқ ижоди. Ижод бадииятсиз, бадиият муболағасиз  бўлмайди. Инсон боши тошдан қаттиқ деймиз.  Тошдан қаттиқ нарса йўқлиги учун шундай деймиз. Тоғни урса толқон қиладиган йигит деган гап бор. Тоғни майдалаб бўлмаслиги учун  шу ибора қудратли ва боқий. Дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган одам бўлмайди. Соч билан кўча супурилмайди, кўз ёши билан сув сепилмайди. Лекин ёр юрган кўчаларни супурай сочим билан, чанги чиқса сув сепай кўзлардаги  ёшим билан, дея куйланади. Буни лутф дейдилар. Завқи йўқ одам лутфни англамайди. 

Эркин Воҳидов, “Сўз латофати”