Сайт синов тарзда ишламоқда

Фурқат – сўз раъносининг ошиғи

Сана: 20.04.2021

309

... Сўз қадрини билган,  унинг инсоният учун нечоғлиқ  улуғ неъмат эканини  чуқур ҳис этган  Фурқат сўзламоқда андиша бўлмоғи зарурлигига  алоҳида диққат қаратади.  Шоирнинг фикрича,  ҳар бир одам ўзи билган, маъносини теран уққан  ҳолда сўзламоғи маъқул.  Машраб ғазалига тазмин сифатида ёзилган “Лозим эмас” радифли ғазалдан олинган қуйидаги байт шу ҳақда:

Қосир ақлинг бирла сунъи  Кибриёдин урма дам,
Билмағон одамга  бу нозик сухан лозим эмас.

Фурқат асарларида  “сўз” калимаси ўрнида баъзан унинг сухан, калом, нукта  сингари  синонимлари ҳам  фаол ишлатилади.  Жумладан, ушбу  байтдаги “сухан”  сўзи “нозик” сифат билан бирга  қўлланган.  “Сун” – луғатда яратиш, санъат  демакдир. Кибриё –Аллоҳ таолонинг  сифати бўлиб,  улуғ, буюк маъноларини   англатади. Шунга кўра, ушбу байтда Фурқат қусурли ақл  билан буюк Тангри таолонинг яратувчанлик қудрати ҳақида  сўзлашдан тийилиш зарурлигини,  бениҳоя  назорат (эҳтиёткорлик) билан муносабатда  бўлишни тақозо  этадиган  бу нозик сухан билмаган одамга лозим эмаслигини алоҳида таъкидлайди. 

“Ўтар-кетар” радифли ғазалида  шоир яхшилар суҳбатида бўлишни,  яхши сўзлар эшитмоқни тавсия этади. Яхшилар суҳбатин кўрмаган одамни кўрга, яхши сўзлар эшитмаганни  карга қиёслайди:

Яхшини суҳбатин  кўруб яхши сухан эшитки ул, 
Яхши кўриб эшитмайин кўр ила кар ўтар-кетар.
    
Сўзга таъриф берар экан, шоир: “сухан  раъноси назм либоси бирла зебо кўринур бўлғай” деган фикрини гўзал бадиий шаклда  ифода этади.  “Сухан раъноси” – истиора билан зийнатланган  беҳад жозибали  бу ибора  Фурқатгача ва ундан кейинги бирор ижодкор асарларида  кузатилмайди. Ҳақиқатан,  шоир сўзни гўзал шаклда сувратлантира олган юксак салоҳият эгаси, сўз раъносининг  энг  содиқ  ошиғидир.

Нурбой Жабборов, фалсафа фанлари доктори, профессор

“Сўз хиёбони” китобидан олинди.