Сайт синов тарзда ишламоқда

Ўзбек тили уч дарёдан сув ичган

Сана: 15.04.2021

337

Маънодош сўзларимизнинг кўплигига сабаб бор. Ўзбек тили уч дарёдан сув ичган. Диний, илмий, ижтимоий атамаларимиз асосан араб тилидан; кўпгина иш қуролларимиз: жомадон, ҳокандоз, дастшу, жомашу, дазмол, қоғоз каби ҳунармандликка оид сўзларимиз, шунингдек, юксак шеърий услубга хос суханлар форс тилидан келган.  Лекин бу қатъий қоида эмас. Аксар ҳолат десак, тўғрироқ бўлади. Араб тилидан ўтган нарса ва буюм  номлари ҳам тилимизда кўп: ароба, мусаллас, истеҳком, қалам сингари. Шунингдек, форс тилидан кирган фалсафий атамалар ҳам талайгина. Жавонмард, сарбадор, чархи кажрафтор,  оинаи Искандар ва ҳоказо. Ҳаракат номлари асосан туркийча. Кўпгина сўзларнинг ўзбекчаси ҳам, арабчаси ҳам, форсчаси ҳам тилимизда баробар ишлатилади. Арабча Аллоҳ ёнида форсча худо, туркий тенгри сўзларимиз бор. Юрак ҳам, қалб ҳам, дил ҳам деймиз. Арабча исм, форсча ном, ўзбекча от – учови  ҳам ўзимизники. Тил, забон, лисон бизда шу сабабдан беқиёс бой ва рангин.

Э.Воҳидов, “Сўз латофати”